Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd Şti Davutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. Türkiye

Вид материалаДокументы

Содержание


Мутақиллик ҳақида
И.а.каримовнинг “свобода” радиосга берган интервюсига муносабат
Навбатдаги найранг
Томи тешик ҳукумат
Подобный материал:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   25

МУТАҚИЛЛИК ҲАҚИДА


Ўзбекистон ўз мутақиллиги, амалда, 1990 йил йигирманчи июл куни эълон қилган эди. Эсингизда бўлса, ўша куни 167 та депутат Мустақиллик Декларатсиясини қабул қилиш учун Олий Кенгаш мажлисига мурожаат қилди.

Анча тортишувлардан сўнг, раҳбариятнинг тайсаллашларидан кейин Мустақиллик Деклатсияси қабул қилинди. Ўшанда Олий Кенгашда ҳақиқий байрам бўлган эди. Халқ сайлаган депутатлар ўз иродасининг халқ иродаси эканини ҳис қилган эдилар. Ҳамманинг чеҳрасида қувонч ва нур бор эди ўша куни.

Бу тарихий воқеадан бир йил кейин, яъни ГКЧПнинг муваффақиятсиз тўнтаришидан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати ГКЧПга шериклик айбидан қутулиш учун яна бир марта “мустақиллик” эълон қилди. Бу “мустақиллик”ни Олий Кенгаш эмас, ҳурматли президентимиз Каримов эълон қилди. Эълон қилар экан, Олий Кенгаш мажлисига сув қуйгандай сукунат чўккани ҳамманинг ёдида. Президент Каримов “нега чапак салмаяпсиз”, деб хитоб қилганида ҳам депутатлар карахтликдан уйғона олмаган эди. Бу карахтлик аслида интуитив қўрқув эди. Депутатлар Каримов режимининг тобора мустабидлашаётганидан қўрқа бошлаган эдилар. Бу қўрқув бежиз эмас экан. Ўзбекистондаги бугунги сиёсий-иқтисодий вазият буни тасдиқлаб турибди. Мустақиллик эълон қилинганига уч йил тўлаяпти, аммо халқ мустақил бўлгани йўқ. Қашшоқликдан, йўқсилликдан мустақил бўла олмади. Қўрқувдан, адолатсизлик ва зўравонликдан мустақил бўла олмади. Илгари биз коммунистик Московга қул эдик, бугун коммунист Каримовга қул бўлиб бораяпмиз. Ҳатто баъзи одамлар “бизга мустақиллик нима берди, совет замони яхши эди”, деган гапларни айта бошлади. Бу таҳликали белгидир. Ўзбектистон ҳукукматининг уч йиллик сиёсати ўзбекларни “мустақиллик” калимасидан ҳам бездирди. Чунки инсон фақат нутқ эшитиб яшамайди, унинг қорни тўйиб нон егиси ҳам келади.

Мустақилликни биз фақат Каримов учун танламаган эдик ёки бир ҳовуч порахўр мансабдорлар учун танламаган эдик. Мустақилликни 135 йил давомида рус зулмидан эзилган қашшоқ халқимиз учун танлаган эдик. Унинг ўз бойликлари ўзига қолиши учун, ўз меҳнатининг эгаси ўзи бўлиши учун танлаган эдик

Биз ватандошларимизга мурожаат қиламиз: Бугунги оғир аҳволингизга мустақиллик сабабчи эмас. Бу мустақилликни суистеъмол қилаётган эски ҳукумат сабабчидир. Сизнинг қорнингизни оч қолдирган мустақиллик эмас, иқтисоднинг “и” ҳарфини билмайдиган раҳбарларимиздир.

Демоқчиман-ки, асло ссовет замонини орзу қилманг. Бир зулмдан қутулиш учун иккинчи бир зулмдан нажот сўраманг. Оллоҳга шукр қилинг-ки, биз рус зулмидан қутулдик, эртага бойваччаларимиз зулмидан ҳам қутулажакмиз. Ана ўшанда мустақилликнинг нақадар буюк неъмат эканини кўрасиз. Ана ўшанда мустақиллик байрами билан табриклашга одамлар кўпаяди. Ана ўшанда, агар навбат етса, биз ҳам ўз табригимизни сизларга айтармиз дея қаттиқ умид қилаяпмиз.


1994. Сентябр.


И.А.КАРИМОВНИНГ “СВОБОДА” РАДИОСГА БЕРГАН ИНТЕРВЮСИГА МУНОСАБАТ


Июн ойи охирларида Ўзбекистон прзиденти рус тилида эфирга чиқадиган “Свобода” радиосига бир интервю берди. Интервю, одатдагидай, бошдан-оёқ коммунистик сафсатадан иборат бўлди. Президент Каримов ўз суҳбатида мухолифат ҳақда гапирар экан, фақат мукаммал жамиятлардагина мухолифат бўлиши мумкин, дейди. Демак, Туркманистонни ҳисобга олмаганда, барча собиқ совет жумҳуриятлари мукаммал жамият қуриб улгурган экан, чунки бу жумҳуриятларнинг ҳаммасида мухолифат бор. Бундай мантиқ кулгилидир.

Каримов яна ўзбекларнинг аллақандай ўзига хос зеҳнияти ҳақида гапиради, унинг фикрича, бу зеҳният кўппартиявийликни қабул қилмас эмиш.

Аслида, ўз минтақасида демократияга ҳозир бўлган бирор жамият бўлса, бу ўзбеклардир. Каримов худди шу ҳақиқатдан қўрқади. Аксинча, Ўзбекистонда демократияга ҳозир бўлмаганлар Ўзбекистон ҳукумати, биринчи навбатда, ҳукумат бошида турган Каримовдир.

Каримов тез-тез “президентлик сайловида 86% овоз билан ғолиб чиққанман” дея мақтаниб туради. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтишга тўғри келади. Сайловлар бутунлай очиқчасига сохта ўтказилди. Бу сохталаштиришларга бизда юзлаб эмас, минглаб далиллар мавжуд.

Сайловлар жараёнида “Эрк” партиясига сайловлар учун ажратилган маблағдан сариқ чақа ҳам берилмади. 40 кунлик сайловолди кампаниясида Каримов ўз рақибига бор-йўғи бир марта телевидение орқали чиқишга рухсат берди. Унда ҳам ўн беш минутлик кўрсатувдан уч минути сензури томонидан кесиб ташланди. Бу Каримовнинг ўзи телевидение орқали ҳар куни икки-уч соатдан маъруза ўқиган бир пайтда эди. Муҳаммад Солиҳ сайловчилар билан учрашув ўтказиши керак бўлган жойларда электр тармоқлари узиб қўйилар ёки зал ремонт учун ёпиб қўйилар эди. Каримов рақибини ўз овозини қайтариб олишга кўндириш учун икки марта ўз одамларини юборди. Сайловлар ўтказилган куни овоз бериш қутиларини фақат Каримов одамлари назорат этишди ва улар кечаси билан “Эрк” учун овоз берилган бюллетенларни куйдириш билан машғул бўлишди. Шу боис сайловлар натижаси бир кун кечикиб эълон қилинди.

Ўзбекистонда “алтернатив сайловлар шу тахлит ўтказилди, Каримовнинг легитим ҳокимияти шундай қўлга киритилди.

Шунга қарамасдан, бу сайлов коммунистик режим меросхўрларининг ҳақиқий башарасини фош эта олди, “Эрк” партияси сиймосида бу режимга қарши мухолифатнинг ҳам етарли дажада кенг ижтимоий базага эга эканлигини кўрсатиб берди.

30 декабр куни эрталаб република радиоси сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон этар экан, “Эрк” партияси 31%га яқин овоз тўплаганини билдирди. Бироқ бир ярим соатдан кейин радио ўз эълонини ўзгартиришга мажбур бўлди: “Эрк” учун тўпланган овозлар натижаси энди 15 %га тушириб эълон қилинди.

Қандай ўтказилмсин, президентлик сайловлари “Эрк” партияси билан ҳазиллашиб бўлмаслигини ва етарли демократик шароитда у шалвираган коммунистик гигант устидан осонгина ғалаба қилиши мумкинлигини кўрсатди. Ва барча кейинги воқеалар: “Эрк”чиларнинг репрессия ва сургунларга дучор этилиши, биринчи навбатда, режимнинг қўрқоқлиги, ҳукуматни қўлдан бой бериб қўйиш хавфи билан изоҳланади.

Каримов ўз чиқишларида “бир сирни ошкор этиб”, таъкиладики, гўё “Эрк” партиясининг ташкил топишида ва мухолифат газетасининг чоп этилида шахсан ўзи ёрдам берган эмиш. Бу ўринда жаноби президент, юмшоқ қилиб айтганда, шунчаки лоф урган, холос.

Барчага маълумки “Эрк” партияси рўйхатга олинишидан олдин, “Бирлик” халқ ҳаракати билан бир пайтда ташкил этилган эди. Партия ўз газетасини бир ярим йил мобайнида “Эрк” фаолларининг шахсий пулига сотиб олинган нусха кўчириш дастгоҳида нашр этилди. Газета ҳам ГКЧП воқеаларидан сўнг рўйхатга олинди. Чунки бу пайтда ГКЧПчиларга ҳамтовоқликда айланиб қолишдан қўрқиб кетган Каримов демократлар томонга ўтиб олган ва Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилишга мажбур бўлган эди. Шу тўлқинда у бизнинг газетамизни рўйхатга олишга рухсат берди. Бироқ у “Эрк” газетаси саҳифаларида айтилаётган ҳақиқатга узоқ чидай олмади ва бир йилдан кейин газетани ёпишга мажбур бўлди.

Газета ёпилди ва унгинг бюджетидан 3,5 миллион рубл пул ва нашриёт тортиб олинди. Мусодара этилган партия мулки ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Каримов бизга ана шундай “ёрдам” берди.

Бошқа бир сир: “Эрк” ташаббуси билан Демократик Форум ташкил этилган эди. Каримов Форумни тарқатиб юбориш шарти билан Муҳаммад Солиҳга ҳокимиятдан юксак лавозим таклиф қилди. Таклиф рад этилди ва шундан сўнг Каримов Солиҳ партиясини бутунлай йўқ қилишга бел боғлади. Бироқ ҳалигача буни уддалай олгани йўқ.

Каримов билан суҳбат қилган журналист Виталий Портников таъкидлайдики, “Эрк” партияси расман мавжуд эмас. У агар партия резиденсияга эга бўлмаса, партиянинг ўзи ҳам йўқ, деб ҳисоблайди. Аммо Каримов бундай ҳисобламайди. У шуни яхши балдики, “Эрк” унинг диктатураси билан юзма-юз оёқда турган ягона сиёсий ташкилотдир. Шу боис Каримов чиқишлари бутунлай “Эрк” партиясига қарши қаратилгандир. Сўнгги йил мобайнида ҳукумат газеталари саҳифаларида “Эрк” партиясига қарши ҳар ойда бир улкан туҳмат эълон қилиниб турибдики, уларда ёзилишича, “Эрк” республикада осойиталикни бузмоқда, унинг лидерлари ватан хоинлари ва улар давлатни бузиш билан шуғулланишмоқда. “Эрк”чиларни ушлаш учун нафақат КГБ ва МВД, балки ГАИ ҳам оёққа қалққан. Бу ходимлар партия аъзоларини ахтариб нафақат Ўзбекистонда, балки, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонда ҳам изғиб юришибди. Каримов ўз айғоқчиларини ҳатто Истанбулга ҳам жўнатмоқда. Сўзимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун фақат яқиндагина ташриф буюрган “меҳмон”ларнинг исм-шарифларини қайд этиб ўтамиз: Виктор Бахутдинов ва Ураим Орипов.

Ярим йил ичида 50 дан ортиқ “Эрк”чилар қамоққа олинди ва улардан кўпчилиги ҳали ҳам турмада ўтиришибди. Каримов ҳатто болаларни-да, агарда улар “Эрк” партияси лидерларининг болалари бўлса, сургун қилишни бошлади. Каримов “Эрк”чиларнинг хусусийлаштирилган уйларини мусодара қилмоқда. Фақат мавжуд мухолифатгина диктаторнинг шу даражада ғазабини қўзғай олиш мумкин.

Ниҳоят, Каримов бугун Анқарага ўзи билан жуда муҳим бир ҳужжатни олиб келди. Бу - “жиноятчиларни ўз ҳукуматларига топшириш бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳақида”ги битимдир. Яъни, Каримов мухолифатчиларни олиб кетиш учун ўзи келган эди. Мавжуд бўлмаган партия лидерлари ортидан бундай изғишмайди. Туркиянинг Каримовга унинг рақибларини бермаганлиги эса, бошқа масала.

Аммо мухолифат Каримов режими билан Туркияда эмас, Ўзбекистонда кураш олиб бормоқда. Каримовнинг кечалари ухлолмай чиқишининг сабаби мана шундадир.

Каримовни даҳшатга солаётган энг асосий таҳлика шуки, “Эрк”ни халқ қўллаб-қувватлайди, ҳатто уни ҳокимиятдагилар ҳам қўллаб-қувватлашади.

Каримов тўрти йилдирки, мухолифатни иқтисодий дастурга эга эмасликда айблайди. У “Свобода”га берган интервюсида ҳам шу мавзуни четлаб ўтмади.

“Эрк”нинг Иқтисодий дастури эса 1991 йилдаёқ, президентлик сайловлари сайловолди кампанияси даврида нашр этилган эди. Ўша пайтда уни эълон қилган газета (“Халқ сўзи”) муҳаррири кейничалик шу “қилмиши” учун ишидан бўшатилди. 1992 йилнинг июнида сензура худди шу дастурнинг кенгайтирилган нусхасини “Эрк” газетаси саҳифаларидан олиб ташлади. “Эрк” партияси ҳар доим дастурга эга бўлган, аксинча, Каримовнинг ўзи дастурсиздир. У фақат “беш тамойил”га эгадир ва халқни ана шу беш ғилдирак устида “ёруғ келажак”ка олиб бормоқчи. Бироқ у борган сари қоронғулашиб бормоқда. Чунки ғилдираклар бири иккинчисига тескари айланмоқда. Чунки сиёсий ҳаётни либераллаштирмасдан туриб, иқтисодни либераллаштириб бўлмайди. Сиёсий ислоҳотларни тўхтатиб қўйиб, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмас. Чили ёки Жанубий Қурия моделларининг даври ўтиб бўлди. Ҳозирги замон сиёсий дунёси аллақачон бошқа динамизм, бошқа ритмда яшамоқда. Сиёсатчи бу воқеликни англаб етиши керак. Агар англамаса, у кетишга маҳкумдир. Каримов эса тушунмайди ҳам, кетишни ҳам истамайди.

“Эрк”чилар ҳокимиятга талпинишаяпти”, дейди Каримов. Бундан англашиладики, ҳокимиятга талпиниш фақат Каримовга мумкин. Каримов бир фикрга сира кўника олмаяпти: барча сиёсий партиялар “ҳокимиятга талпинади” ва уларнинг бошқа мақсадлари йўқдир.

Бизнинг партия ҳам ҳокимиятга интилади. Чунки, биз мамлакатнинг мавжуд иқтисодий-интеллектуал қувватидан қандай фойдаланишни, ички ва ташқи сиёсатни қанадай олиб боришни, қандай ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини яхши биламиз. Биз Каримов сингари тараққиёт моделларини ҳар ярим йилда ўзгартирмоқчи эмсмиз. Биз ўтиш даврларини босиб ўтиган мамлакатларнинг тажрибаларига суянган ҳолда ўз моделимизни амалга оширамиз. Биз демократик жамият қуришни истаймиз. Агарда ўрта синф, қўполроқ қилиб айтганда, буржуа бўлмаса, бундай жамиятни қуриб бўлмайди. Ўрта синф ҳокимиятга моддий қарам эмасдир. Бундай синф пайдо бўлиши учун иқтисодиётнинг аввали (приоритет) кичик лойиҳалар бўлиши керак, биринчи навбатда, кичик бизнесни ривожлантириш керак. Шошилинч ер илоҳотини ўтказиш керак. Бундай ислоҳотни ерни босқичма-босқич хусусийлаштириш йўли билан амалга ошириши лозим.

Биз бугунги кунда бўшлиқдан иборат давлат системасида яшаяпмиз. Иқтисодий ислоҳотлар билан биргаликда ҳокимият системасини яратиш керак. Шундай система (тизим) яратиш керакки, уни бир кишининг иродаси билан, гарчи у президент бўлса-да, ўзгартириш мумкин бўлмасин. Ҳатто уни ҳокимимятнинг бир шохобчаси иродаси билан ҳам, гарчи у парламент бўлса-да ўзгартириб бўлмасин. Яъни, токи бу тузум бир механизм каби ишласин. Бу замонавий давлат деамакдир.

Ҳокимиятнинг бўлиниши шу тизимнинг ичида бўлиши керак, ташқарида эмас. Ҳокимиятсизликнинг сабабияти, биз собиқ совет республикаларида кузатганимиздек, айнан шу нарсада-ки, уларда ҳокимият шохобчалари тизим билан ўралмаган, мутлақо яланғочдир. Ҳар бир ҳокимият олий ҳокимият бўлишни истайди, у ҳолда қандай қилиб қонун олий бўла олади? Президент Каримов ислом фундаметализми ҳақида фикр юритар экан, ўзи билмаган ҳолда қанчалик “саводли” эканини кўрсатди. Унинг фикрига кўра “Ўзбекистон аҳолисининг 82 фойизи исломни тарғиб қилади”. Энди 20 миллион кишининг бир-бирига исломни тарғиб қилишини кўз олдингизга келтиринг. Каримов “тарғиб қилиш” ва “мансуб бўлиш” иборалари фарқига бормайди ва ҳеч ким бу тўғрида унга гапиришга ботинолмайди, шунинг учун у қанадай истаса, шундай талқин қилинади: “мусулмонларнинг дини - ислом”. Бундай иборани фақат яқиндагина дин ҳақида гапиришни ўрганган коммунист гапириши мумкин. Шунга қарамасдан, президентлик сайловлари вақтида айнан Каримов бир қанча диний гуруҳлар билан бўлган учрашувда, “Ўзбекистонда ислом давлати тузамиз”, деб ваъда берди. Албатта, диндор кишиларнинг овозини олиш учун. Бизда бу мавзудаги Каримов маърузасининг видео ёзуви бор. Лекин биз бундай нопок ва найрангли ўйинлар ўйнамадик, гарчи бизнинг ҳам диндор кишиларнинг ёрдамига эҳтиёжимиз бўлса ҳам. Президент Каримов энди Тожикистон коммунистлари ва эронийлар ҳақида гапирмоқда. Хўш, бу коммунистларни қўллаган киши ким? Ким уларни қурол-яроғ ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган?

“Фундаментализм” президент Каримовнинг севиб қўллайдиган сўзи. У бу сўз билан Оврупонинг ишонувчан журналистларини қўрқитади. Аслида эса, Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг фундаментализмидан бошқа фундаментализм йўқдир. Тожикистон ҳақида гапирилар экан, Каримов демократ бўлиб қолади. У ҳатто қуролланган мухолифатга ҳам сайловга қатнашиш ҳуқуқини беришга тайёр. Лекин, Ўзбекистонда эса, бундай имкониятни кўрмайди. Чунки, мухолифатнинг нафақат қуроли йўқ, балки, кўппартиявийликка зеҳнияти ҳам йўқ. Каримов бундан “хафа” бўладики, кечагина ашаддий бўлган коммунистлар, бугун ашаддий “Эрк”чи бўлаяпти. “Эрк” партияси лидери ҳеч қачон коммунист бўлган эмас, лекин “Эрк” сафига кирган коммунистлар бор. Улар партия аъзоларининг 10 фойизини ҳам ташкил қилмайди. Собиқ коммунистик фирқанинг бошлиғи Каримов эса, бир думалаб “халқчи демократ” бўлиб олди, коммунистик партия “халқ демократик партияси”га айланди. Лекин, бунинг учун ҳеч ким “хафа” бўлмайди.

Бугун Каримов стандартига Ўзбекистонда ҳамма кўникди. Ҳатто унга қўшни давлатлар, қолаверса Ғарб давлатлари ҳам кўникмоқда. Ўзбекистон президенти бир неча Ғарб давлатларига сафарга борди ва ерларда қилган чиқишларида ғарбликларга фақат ислом фундаментализми ҳақида гапириб, бунга қарши кураш ёлғиз унга нақадар оғир эканлигини тушунтирди. Ғарб сиёсатчилари унга хайрихоҳлик билан қарашди, аммо мулойимгина қилиб инсон ҳақлари ва демократик эркинлик ҳақида ҳам эслатиб қўйишни унутишмади. Фақат улардан ҳеч ким, “Ҳақиқатан ҳам у ерда ислом фундаментализми борми ёки бу диктатор режимини ниқоблаш учун баҳонами?” дея сўрамади. Афтидан, баъзи бирлари учун олтин ва нефтнинг баҳоси бу регионда яшаётган инсонларнинг ҳақларидан баҳолироқ эди. Президент Каримовнинг бошқа бир асоси эса, Ўзбекистондаги сиёсий вазият. Буни у дунё олдидаги ўзининг буюк хизмати деб билади ва ҳар доим, “Агар мен Ўзбекистондаги мухолифатларни йўқ қилмаганимда ва қаттиқ режим ўрнатмаганимда, бизда ҳам Тожикистондаги каби қонли воқеалар бўлган бўлар эди”, - деб мақтанади. Фақат бир нарсани сўрагинг келади. Нима учун мисол қилиб Қозоғистон ёки Қирғизистонни олиш мумкин эмас. Ваҳоланки, у ерларда қаттиқ режим ҳам йўқ, мухолифатга тазйиқ ҳам йўқ ва Оллоҳга шукр, қон ҳам тўкилгани йўқ. Агар Тожикистонда қон тўкишлар тўхтатилса, унда Каримов халқни нима деб алдар экан? Нима бўлганда ҳам ўйлаш мумкинки, Каримов ўзи севган образ - Тожикистондаги қонли воқеаларни йўқотишни истмайди. Чунки, агар уни йўқотса, ўзининг диктаторлик режимини яширишга ҳеч бир ниқоб қолмайди.

Ўзбекистон жумҳуриятидаги барқарор сиёсий вазиятни президентнинг хизмати, деб қараш нотўғридир, балки бу ўзбек халқининг сабр-бардошлилиги ва мухолифатнинг сиёсий онглилиги ва маданиятли эканлигидир. Мухолифат дастлабки фаолиятданоқ, барқарорлик тарафдори бўлди, ҳар хил радикал курашлар йўлларига кирмади, чунки, ҳокимиятдан талаб қилинган реформаларни фақатгина тинч сиёсий вазиятда амалга ошириш мумкин эди. Аммо бу тактикадан фойдаланган режим мухолифатни қиришга қарор қилди, барқарорлик реформалар учун эмас, балки эски тартибни ўрнатишга хизмат қилди. Бунга жавобан мухолифат радикал йўлларга ўтишни бошлади. 1993 йилда эса “Эрк” партияси мавжуд режимга қарши фаол яширин кураш йўлига ўтди.

Қанчалик оғир вазиятларда бўлмасин, “Эрк” партияси амалда бўлган Конститутсия ва Ўзбекистон қонунларига қатъий амал қилиб келмоқда. Афсуски, Конститутсия ва қонунлар фақат мухолифат учун ёзилганга ўхшайди. Каримов ва унинг тузуми учун эмас.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларининг очиқчасига қонунларни қўпол равишда бузишлари ҳатто ҳокимиятдагиларни ҳам роҳатсиз қила бошлади. Бундан кўринаяптики, Каримов мамлакатни мухолифатдан тозалаш билан бирга, унинг сиёсатидан норози бўлган раҳбарларни ҳам йўқ қилиш учун охиригача курашга бел боғлаганга ўхшайди. Кеча унинг энг яқин сафдошлари бўлганларнинг кўпчилиги устидан жиноий иш қўзғатилган ёки кузатув остида. Ҳатто уларнинг баъзилар “дом-дараксиз йўқолаяпти” ёки “қочишаяпти”. Шундай қилиб “темир қўл” кучсизланаяпти ва шундай кун келади-ки, бу қўл бизнинг халқимиз орзу қилган ОЗОДЛИКни қайта топширишга мажбур бўлади. Худо хоҳласа, бу кунлар яқиндир.


1994. Сентябр.


НАВБАТДАГИ НАЙРАНГ


Ўзбекистон ҳукумати халқнинг оғир иқтисодий аҳволини хаспўшлаш учун ҳар куни янги найранглар чиқаришга мажбур бўлмоқда.

Президент Каримов уч йилдир-ки, муаммоларни ҳал қилишда ўз ожизлигини яшириш мақсадида мухолифатни айблаб келди. Шаҳарларда одамлар оч бўлса, бунга мухолифат айбдор. Қишлоқларда бир халта ун учун бир-бирини ўлдиришаётган бўлсалар, бунга ҳам мухолифат айбдор. Пахта ҳосили кам бўлса, ҳатто қор-ёмғир нормадан ошиқ ёғса ҳам мухолифат айбланадиган бўлди.

Хуллас, мухолифат уч йилдирки, “емаган сомсасига пул тўламоқда”. Лекин сомсани фақат мухолифат эмас, ўзбек халқи ҳам анчадан бери егани йўқ. Аммо у ҳам яқинда пул тўлашга мажбур бўладиганга ўхшайди. Чунки, халқнинг норозилиги кун сайин ошаётгани кўриниб турибди. Баъзи туман ва қишлоқларда “стихияли жанжаллар” пайдо бўла бошлади. Жанжаллар оловланиб, ғавғога айланиши ва ижтимоий портлашлар вужудга келиши ҳеч гап эмас.

Бу норозилик исёнининг олдини олиш учун ҳукумат “янги” найрангларга ҳозирланаяпти. Оч-яланғоч халқнинг диққатини бошқа тарафга тортиш керак. Халқ очликдан ҳам “даҳшатлироқ” нарсалар борлигини кўриши керак. Бунинг учун ҳукумат ўша мухолифат факторига мурожаат қилишга шайланмоқда.

Маълумки, шу йил 17 июнда собиқ халқ депутати Мурод Жўраев ва самарқандлик савдо ходими Эркин Ашуров Олма-Ота шаҳрида ҳибсга олиндилар. Улар “Эрк” газетасини тарқатишда қатнашган, деб гумон қилиниб, турмага ташланган эдилар.

Рус газеталарининг бирида ёзилишича, Мурод Жўраев “давлат тўнтариши ташаббусида бўлган эмиш”.

Бундай айб “Эрк”чилар учун янгилик эмас. Икки йил муқаддам “Эрк” раҳбарларига шундай айб қўган эдилар.

Қизиғи шунда-ки, ҳукумат халқни чалғитиш учун эски найрангини яна такрорлашга мажбур бўлаяпти. Ҳукуматнинг хаёлот кучи шу қадар заиф, ҳатто найранг вариантларига ҳам кучи етмай қолибди.

Ҳар ҳолда бу найрангнинг битта янги жойи бўлажак: Ҳукумат Мурод Жўраевни айблар экан, “Эрк” партиясини яна бир марта халққа “ола-бўжи” қилиб кўрсатишга уринади. Чунки, сайлов яқинлашиб келаяпти ва Каримов “Эрк” партиясининг бу сайловга қатнашишини асло истамайди. “Давлат тўнтариши”ни рўкач қилиб, Каримов дунё жамоатчилигига “мен давлат тўнтарувчиларини сайловга қўша олмайман”, деб ўзини оқламоқчи. Лекин оқлай олмайди, чунки Каримов режими устидаги қоралик шу қадар-ки, уни ҳеч қандай бўёқ билан оқлаб бўлмайди.


1994. Сентябр.


ТОМИ ТЕШИК ҲУКУМАТ


Тошкентдан келаётган хабарлаарни эшитган одам “Ўзбекистонга нима бўлди ўзи?” дея хитоб қилади. Ўзбекистонга ҳеч нарса бўлгани йўқ, фақат Ўзбекистон ҳукуматига бир нарса бўлганга ўхшайди. Тўғрироғи, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг репрессив сиёсатида янги бир жабҳа очгани тобора аён бўлиб бормоқда.

Президент Каримов қатор вилоятлар ҳокимларини ишдан бўшатар экан, биз унга эътибор бермаган эдик. Баъзи ҳокимлар ўз тахтида икки йил ҳам ўтирмай бўшатилди, аммо буни Каримовнинг кадрлар сиёсатининг беқарорлигига йўйган эдик. Лекин, кейинги воқеалар - Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Аваз Мухторов ва Учкўприк райони ҳокимининг қочиб кетиши, хусусан, Каримовнинг энг яқин кишиси ҳисобланган давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ишдан четлатилиб, қамоққа олингани кўпчиликни шошириб қўйди.

Мавлон Умрзоқов президент девонида мафкура ишларига масъул бўлишига қарамай, асосан, кадрлар танлаш ва уларни тайинлаш билан шуғулланар эди. Умрзоқов ишдан четлатилар экан, тайинланган 32та давлат маъмури ҳам ишдан бўшатилди. Бу воқеа Каримовнинг ҳукумат аъзолари ичида ҳам “тозалаш” ишларини бошлаганлигига биринчи далолат эди.

Мавлон Умрзоқов давлат маъмуригина эмас, балки, халқ депутати ҳам эди. Уни қамоққа олиш учун Олий Кенгаш иккиланмай ва дарҳол розилик берди. Умрзоқов пора олганликда айбланаётган эмиш. Лекин Ўзбекистон ҳукуматида пора олмайдиган бирорта маъмури йўқдир, буни нафақат ўзбек халқи, балки Ўзбекистонда икки-уч йил яшаган чет элликлар ҳам билишади. Давлат тизимлари коррупсия ва порахўрлик ботқоғига ботган, буни президент Каримовнинг ўзи ҳам билади, лекин бу ботқоқлан чиқиш йўлларини ахтармайди. Ахтаришни ҳам истамайди, чунки бу йўл биттадир - эски тузумдан воз кечиш, янги адолатли тузум қуриш йўлидир. Лекин президент Каримов бу йўлни танласа, ҳокимият қўлдан кетиши муқаррар ва шунинг учун ҳам эски тузумни жон-жаҳди билан ҳимоя қилаяпти, оқибатда эса, халқ қашшоқлиги давом этмоқда.

Мавзуга қайтайлик. Хўш, Умрзоқов пора олишда оригинал эмас экан, нега фақат уни қамоққа олишди? Бунинг тагида бошқа гап йўқми? Бор. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукуматида бугун қутблашма жараёни кетаяпти. Вилоят ва ҳудудлар билан белгиланган қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик жараёни бугун авжига чиққандир. Бу жараённи шахсан Каримовнинг ўзи тезлаштирмоқда. Шундай қилса, ҳамма бир-биридан қўрқади, ҳамма бир-бирининг устидан ёзади. Умрзоқов ўша сирли жараённинг қурбонларидан бири, холос.

Биз олган сўнгги хабар буни бир қадар исботлайди: яқинда Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев ҳам ишдан четлатилиб, устидан жиноий иш очилган. У ҳам Умрзоқовга ўхшаб, Президент саройига яқин одамлардан ҳисобланарди.

Норасмий ахборотларга кўра, Вазирлар маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ҳам тафтиш қилинаётган эмиш. Хуллас, президент Каримов ўз ҳукумати ичида ҳам янги жабҳа очгани аниқдир. Ва, шубҳасиз, бу сиёсат шундоқ ҳам заиф ҳукуматни янада пароканда қилади. Бу ўз навбатида давлат тизимида саботаж таҳликасини янада кучайтиради. Ишлаб чиқариш суръати янада пасаяди, халқнинг моддий аҳволи янада ночорлашади. Каримов эса ўз ҳукуматининг ҳилвираб турган томини милиция ва КГБ кучлари билан тутиб буришга ҳаракат қилиб, бу органларни янада кучайтиришга мажбур бўлади. Норозилиги кун сайин ошаётган халққа зулмини янада қаттиқроқ ўтказа бошлайди ва... бир куни халқнинг сабр косаси тўлади, бу аксилмиллий режим қулайди.

Бир сўз билан айтганда, бугун президент Каримов қилаётган ҳар бир иш, ҳатто порахўрларни жазолаш каби адолатли иш ҳам унинг ўзига қарши натижа бераяпти.

Нега шунда? Чунки, адолат дегани тенглик деганидир. Ўнта ўғри бўлса, иккитасини жазолаб, саккизтасига мукофот берсангиз, бу адолат эмас, адолатсизлик бўлади.

Порахўрлкни йўқ қилиш учун иккита порахўрни қамаш кифоя қилмайди. Уни йўқ қилиш учун адолатсиз тузумни йўқ қилиш зарур, қонунлар устивор бўлган давлат қуриш лозим.

Бу ҳақиқатни президент Каримов тушунмайди, лекин у тушунадиган пайтлар ҳам келади, бунга шубҳамиз йўқдир.


1994. Сентябр.