Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd Şti Davutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. Türkiye

Вид материалаДокументы

Содержание


Қозоғистон республикаси президенти н.назарбоевга мактуб
Ўзбекистонда сиёсий мухолифат ва ҳокимият
Фаришталарни унутманг
Тобора оқарар бошидаги соч
Сен ҳам ўша йўлдан кетдинг-а болам
Телефон жирингласа, титраб кетаман
Менга уйқу бермас жасоратнинг кўзи.
Тўғри, -дейман, - сенинг тажрибанг бор, сен боғлиқ қўлларни ҳам кўргансан, кишанли оёқларни ҳам. Лекин мендан нима истайсан, Жас
Унинг оғзи
Сенми, ҳали кўкка интилган
Подобный материал:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   25

ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ Н.НАЗАРБОЕВГА МАКТУБ


Муҳтарам президент, биз Қозоғистонни демократик жамият қураётган давлат сифатида биламиз ва ҳар доим ҳукуматингизнинг бу йўлдаги ташаббусларини самимий қаршилаганмиз.

Афсуски, кейинги вақтда Қозоғистон ҳудуди Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ноқонуний ҳаракатлари майдонига айланмоқда.

Шу йилнинг 17 июнида 18 июнига ўтар кечаси Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимлари Олма-Ота шаҳрида “Эрк” Демократик партияси фаоллари - Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев ва Эркин Ашуров турган уйнинг (Туле Бий кўчаси 2/139) телефон симларини узиб, эшигини синдириб, фаолларини калтаклаб, қўлларига кишан солиб Тошкентга олиб кетишди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг бу ходимлари 13 апрелда Чимкент шаҳрида “Эрк”нинг бошқа бир фаоли Юсуф Рўзимуродовни ушлаган эдилар.

Сизга маълумки, инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланиб, май ойида Олма-Отада ўтказилган конференсия кунларида айнан шу милитсия ходимлариниг ғайри-қонуний ҳаракатлари тфайли катта жанжал бўлган эди. Ўша конференсиядан бир кун олдин ва Қозоғистон ҳудудида ўзбек мухолифати аъзолари Васила Иноятова ва Маъмура Усмоновалар ушланган эдилар. Ўзбекистон ИИВ ходимлари Чимкент ва Олма-Ота шаҳарларида конспиратив офисларда яшайдилар. Улар “жиноятчиликка қарши кураш” ниқоби остида асосан сиёсий мухолифатни таъқиб этиш вазифасини бажармоқдалар, Қозоғистон вокзаллари, аэропортларида изғиб юришибди, Ўзбекистонга бораётган автобуларни очиқчасига назорат қилмоқдалар.

Ўзбекистон демократик жамоатчилиги номида бу хусусда ўз позитсиянгизни билдиришингизни ва юксак обрў-эътиборингиз билан бегуноҳ қамалганларни озод этишга таъсир қилишингизни сўраймиз

“Эрк” Демократик партияси раиси Муҳаммад СОЛИҲ

1994 йил, 20 июн.


ЎЗБЕКИСТОНДА СИЁСИЙ МУХОЛИФАТ ВА ҲОКИМИЯТ


Барча собиқ совет жумҳуриятларидаги каби, Ўзбекистонда ҳам сиёсий мухолифат “қайта қуриш” йилларида пайдо бўлди. Фақат ўзбек сиёсий мухолифати, бошқа жумҳуриятлардаги каби, умуман зиёлилар томонидан эмас, балки унинг муайян қатлами - ёзувчи ижрокорлар тарафидан ташкилотланди.

Бунинг сабабини халқимизнинг зеҳниятидан ахтариш лозим. Ўзбеклар ўртасида анъанавий ўлароқ, санъат ва адабиёт одамлари севилган, ардоқланган. Уларнинг сўзи, уларнинг санъатига бир ҳақиқат мезонига қарагандай қараганлар. Халқ ёзувчи, шоир ёки хонандани ўзи айтолмаган гапларни айтишга йўл топган шахсиятлар сифатида кўрган. Ёзувчиларимиз бу буюк ишончни доим оқлаб келди, деб айтолмаймиз, аммо қайта қуриш даврида, ҳатто ундан олдин ҳам улар кутган ҳақиқатни турли шаклларда айтишга уринган оқимлар бор эди. Буни халқ билар эди ва у саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган миллий уйғониш ҳаракатларини бошлаган ёзувчиларга киприк қоқмай ишонди ва уларга эргашди.

Ўзбекистон сиёсий мухолифати Ўрта Осиё минтақасидаги бошқа жумҳуриятлардаги мухолиф ҳаракатлардан анча олдин пайдо бўлди ва у бошланғичда кўпроқ ижтимоий ва миллий муаммоларни ўртага қўйди. Хусусан 85-чи йил бошида, Черненко замонида, ёш ёзувчиларнинг “Политбюро”га ёзган норозилик мактуби - амалда янги туғилган мухолифатнинг биринчи “манифест”и эди. Мактубга имзо тўпланар экан, Черненко ўлиб қолди ва мактуб Горбачев номига юборилди. Бу мактуб Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек тили ва миллий қадриятларини топтаётганига қарши ёзилган эди. Албатта, бу ҳаракат тазйиқ-таъқибга учради, аммо бу ҳаракат билан ижодкор ўзбек ёшлари Ўзбекистонда ҳокиммиятга ҳам қарши сўз айтиш мумкинлигини исбот қилди, миллий масалаларни фақат раҳбарлар эмас, жамоат ҳам муҳокама қилиши лозимлигини кўрсатди.

Кейинчалик пайдо бўлган миллий ҳаракатлар - “Бирлик” ва “Эрк”нинг ҳам тамалини ёзувчи ижодкорлар қўйди. Шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда пайдо бўлган сиёсий мухолифат Ўрта Осиёда энг кучли ҳаракат эди ва, бугун ҳам, бутун тазйиқ-таъқибга қарамай, шундай бўлиб қолмоқда. Бунинг энг қисқа исботи - ҳеч бир Ўрта Осиё жумҳурияти Ўзбекистон каби мухолифатга қарши бутун структуралари билан ҳужумга ўтаётгани йўқ. Ҳеч бир жумҳуриятда Ўзбекистондаги каби сиёсий қарашлари учун юзлаб одамлар таъқиб қилинаётгани, қамалаётгани йўқ. Ҳеч бир жумҳурият Ўзбекистон каби сиёсий мухолифат юзасидан бошқа давлатлар билан алоқасини узгани йўқ, ҳеч бир жумҳурият ўз иқтисодини чўктириш эвазига бўлса ҳам, мухолифатни йўқ қилишга интилаётгани йўқ. Ва, ҳеч бир жумҳуриятнинг президенти бизнинг президентимиз каби мухолифатни парчалаш учун бирданига учта қўғирчоқ партия тузгани йўқ.

Ҳар қандай бошқа давлатга сафарга чиқар экан, ўз мамлакати учун фойдали шартномалар тузиш учун келади. В ҳеч бир президент бошқа давлатда сургунда яшаётган мухолифат лидерини қайтариб беришларини сўраш учунгина сафарга чиқмайди. 23-июнда Туркияга келаётган Ислом Каримов худди шу ният билан келаяпти. Унинг қўлида битта муҳим шарнома бор, бу: “Давлатлар аро жиноятчиларни алмашиш хусусида”ги шарномадир. Туркия бу шартномага имзо чекса, биз ўз ватанимизга қайтиб боришимиз ва Каримов кўрсатган турмага киришимиз лозим бўлади.

Мен бу гапларни “Ўзбекистонда сиёсий мухолифат синдирилди”, деган иддаоларга жавоб сифатида айтаяпман. Агар мухолифат синдирилганда эди Каримов худди Туркманбоши каби роҳат-фароғатда, ўз ҳайкаллари соясида чой ичиб ётган бўларди. Каримов ҳузурсиз, безовта, чунки қаршисида соғлом ва миллиятчи мухолифат бор. У курашаяпти ва Каримов режими йиқилгунча курашаверади.

Ўзбекистондаги сиёсий мухолифат бугун тўлалигича “ер ости” фаолиятига ўтган. Чунки очиқ фаолиятда мухолифат учун таъқиқлангандир. Гарчанд, “Эрк” партияси расимй ўлароқ таъқиқланмаган бўлса ҳам, унинг фаолларига нафақат митинг қилиш, балки уч-тўрт киши бўлиб тўпланиш ҳам ман қилинган. Шунингдек, мухолифат учун газета чиқариш, газета тарқатиш ҳам ман қилингандир.

“Эрк” Демократик партияси аҳволнинг бу даражага келишини бироз олдинроқ кўрган эди ва 1993 йилнинг бошидаёқ партиянинг яширин фаолиятга ўтиш режаси тузилган эди. бу режа эҳтиёткорлик юзасидан партия Маркази Кенгаши аъзолари орасида ҳам муҳокама қилинмади. Бу режа яширин фаолият учун махсус тайинланган гуруҳларнинг лидерларига тақдим этилди. Бир йил ичида аввалги тизимлардан фарқли структуралар тузилди ва биз гизли партия ҳаётини ўргана бошладик. Буни ўрганиш қийин бўлди, чунки, биз мутлақо бегуноҳ бўлган ҳолда, худди жиноятчилардек писиб юришга кўникмаган эдик, шивирлаб гаплашишга, ҳар бир нотаниш одамдан шубҳаланишга кўникмаган эдик. Шу сабаб, баъзи ҳолларда йигитларимиз очиқ ҳаракат қилиб, миршаблар қўлига тушди ва ҳибсга олиндилар.

“Эрк” партияси бугун нормал сиёсий муҳитдаги партиялар каби келажак сайловларга тайёрланаётгани йўқ. “Эрк” партияси бугун ўз фаолиятини тамомила демократик ғояларни халқ ўртасида ёйишга қаратган. Халқ иблан муҳим алоқа воситаси - “Эрк” газетасидир. Газетанинг таъсир даражаси унинг биринчи сони тарқалгандаёқ маълум бўлди: Ҳукумат бирданига партия аъзоларидан 17 кишини ҳибсга олди. Вилоятларда кўзга кўринга ҳар бир “Эрк”чининг уйи тинтув қилинди. Ҳукумат вилоятлараро йўллар ва Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон чегараларида юзлаб назоратчилар қўйди. Ҳатто бу жумҳуриятларга айғоқчиларини жўнатиб, газетанинг қолган сонлари тиражини ахтара бошлади. Бу ҳақда “Эрк” фаоли Юсуф Рўзимуродов “саргузаштлари”ни чет эл ахбороти ва Москов матбуот хабарларидан кўпчилик эшитган бўлса керак.

Партиянинг таъқиб қилинаётган фаоллари пропаганда ишида қатнашмайдилар, уларга имконлари даражасида бошқа вазифалар топширилгин.

Маълумки, бугун Ўзбекистон ҳукумати мухолифат аъзоларининг телефонларини тинглаш, уларни кузатиш ва изоляция қилиш учун жуда катта харажатлар сарфламоқда. Бунинг учун жумҳурият миқёсида минглаб миршаб ва хавфсизлик ходимлари сафарбар қилинган. Лекин “ер ости” ҳаркатини назорат қилиш ҳар доим ҳам ҳар қандай мамлакатда қийин бўлган ва Ўзбекистонда ҳам бу осон кечаётгани йўқ. Шу маънода Каримов ҳукумати “Эрк” партиясини гизли фаолиятга ўтишга мажбур қилар экан, бундан асло ютгани йўқ, балки ютқазди.

Мухолифатнинг бугунги фаолияти ҳақида гапирар экан, бир нуқтага диққатингизни қаратмоқчиман. “Эрк” партиясининг нолегал ҳаракати давлатга қарши эмас, мажуд ҳукумат сиёсатига қарши йўналтирилган. Ҳаракат шу кунгача Ўзбекистон Конститутсиясининг бир моддасини ҳам бузгани йўқ, балки қатъий бир шаклда қонунларга амал қилмоқда. Бу нолегал ҳаракат учун парадоксал кўриниши мумкин, аммо бу ҳақиқатдир. Шу кунгача қонунларни биз эмас, ҳукумат бузиб келди ва бузишда давом этмоқда.

Ақлли ҳукуматлар ўз сиёсий спектрида “ер ости” ҳаракатларининг туғилишига имкон бермайди. Ақлли ҳукуматлар ҳар қандай сиёсий гуруҳга, у қанчалик радикал бўлмасин, легал фаолият имкони яратиб беради ва шу йўл билан уни назорат қилишга эришади. Лекин президент Каримов нафақат бу йўлдан бормади, балки, расмий ҳаракатларни ҳам норасмий ҳолатга келтирди. Оқибатда Ўзбекистонда янги нолегал ҳаракатлар тузиш тенденсияси кўзга ташлана бошлади. Бунинг ўрнаги сифатида май ойининг охирида эълон қилинган “Туркистон ёш демократлари”, қисқа оти “ТУРКЁД” ҳаракатини кўрсатиш мумкин. Тахмин қилиш мумкин-ки, Каримов режими тазйиқ сиёсатини давом эттирар экан, бундай нолегал ҳаракатлар кўпая боради, чунки, жамият бугун сиёсий фаолият кўрсатишни истайди. Ҳа, иқтисодий бўҳрон инсонлар кайфиятида маҳзунлик яратди, улар келажакка ишончсизлик билан, сиёсий оқимларга шубҳа билан қарашга кўника бошладилар, шунга қарамай, эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам уларда масалаларни ҳал қилишда шахсан дахлдор бўлиш истаги ботиний равишда кучаймоқда. Бугун Ўзекистонда кузатилаётган ижтимоий сассизлик ҳукумат сиёсатидан қаноатланиш эмас, балки ундан норозилик муждасидир.

Афсуски, бу таранг аҳволдан қутулиш йўлларини Ўзбекистон режими сиёсий ва ижтимоий реформаларда кўраётгани йўқ. Аксинча, бу реформаларни иложи борича кечиктиришга ва ислоҳот тарафдорларини жамиятдан изолация қилишга уринмоқда.

Бугун Ўзбекистонда мухолифат аъзоларининг қамоққа олинишига қарши 29та давлат Ўзбекистон ҳукуматига норозилик билдирди. Бу ҳукуматнинг зўравон сиёсати юзасидан жумҳуриятимизга бирор бир давлат иқтисодий ёрдам беришни истамаяпти. Каримовнинг сўнгги ойлар ичида қилган чет эл сафарлари Ўзбекистон иқтисодига ҳеч бир нарса қозонтирмади. Баъзи Ғарб давлатларининг расмий қабулига эришмоқ учун Каримов бу давлатларга ўзбек олтинини ўзи билан олиб боришга мажбур бўлди. У Японияга келганда эса, япон ҳукумати Каримовнинг “давлат таклифи билан эмас, хусусий ташаббус билан ташриф буюрганлиги” ҳақида матбуотга баёнот берди. Бундай ҳолат ўзбек халқи учун ҳам, Ўзбекистон давлати учун ҳам уятли нарсадир. Ваҳоланки, ўзбек халқи ўз меҳнаткашлиги ва закоси билан уялишга эмас, ғурурланишга лойиқ миллатдир. Ўзбекистон эса ўзининг бой иқтисодий ва интеллектуал заҳираси билан бошқа эски совет жумҳуриятларига нисбатан тезроқ оёққа туриши, бўҳрондан эртароқ қутулиши мумкин эди. Ва замонавий шаклда сиёсат юргизилган тақдирда, дунё давлатлари томонидан ётирилиши мўлжалланган сармоялар, биринчи навбатда, Ўзбекистонга ётирилган бўларди, чунки Ўзбкситоннинг табиий бойликлари чет эл сармоясини жалб қилиш даражасида етарлидир.

Бизнинг асримиз эшиклари тамбалаш асри эмас, эшикларни очиш асридир. Чегараларга тиканли сим ўрнатиш замони эмас, улардан қутилиш замонидир. Изолатсия даври эмас, интегратсия давридир. Мавжуд тарихий воқеликни англамаган ҳар қандай давлат сиёсати муваффақиятсизликка маҳкумдир.

Бундай замонавий сиёсий иқлимда сиёсий мухолифат тобора кучлироқ аҳамият касб этмоқда. Хусусан, эски совет жумҳуриятлари ва Полшадаги кейинги сайловлар мухолифат муаммоларини ечишнинг алтернатив имкони сифатида янада мустаҳкамроқ ўрнашаётганини кўрсатмоқда.

Маълумки, совет империяси йиқилгандан сўнг бошланган демократлашув жараёни баъзи собиқ совет жумҳуриятлари каби, Шарқий Оврупо мамлакатларида ҳам ҳокимиятга демократлар келиши билан якунланди. Аммо демократик ҳокимиятлар ўз халқининг умидларини рўёбга чиқаролмади, чиқара олмас ҳам эди, чунки, бу ўтиш боқичидаги бўҳронни ҳеч ким, ҳатто комунистлар ҳам халқ истаганидек зудлик билан бартараф этолмас эди. Шунга қарамай, мазкур жумҳуриятларда ўтказилган сайловларда халқ яна коммунистларга овоз берди ва улар ҳокимиятга келдилар. Бундан хафа бўлиш мумкин эмас, чунки, бу халқнинг иродасидир. Амалдаги демократия ҳам будир.

Агар Ўзбекистонда ҳам шундай демократик сайлов бўлиб, коммунистлар ҳокимиятга келганда эди, бугун мухолифатнинг ҳукуматга қарши қилаётган мужодаласи нормал сиёсий рақобатга дўнган бўлар ва ҳукумат ташқи ва ички сиёсатда мухолифатнинг ёрдамини олар эди. Чунки, бунда ҳокимият мухолифат талаб қилаётган иқтисодий-сиёсий ислоҳотларни ўтказишга мойил бўлар ва шунинг учун ҳам демократик сайловларга изн берган бўларди.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати бундай “таваккалчиликка” тайёр эмас, чунки, халқнинг овозини олишга ишонмайди. 1991 йилда ўтказилган президентлик сайловлари бу ишончсизликни ярада орттирди. Бунга жавобан, Ўзбекистон раҳбарияти сайлов системасини деярли йўқ қилди, уни ҳукумат директивалари даражасига туширди ва энди шу йўл билан ўз ҳокимиятини халқ иродасидан ҳимоя қилишга тайёрланаяпти. Иккиинчи томондан, режим бўлажак сайловларнинг машрулиги(легитимлиги)ни таъхминлаш мақсадида, изма-из янги қўғирчоқ партиялар тузишга мажбур бўлмоқда. Аммо бу ўйинга халқни ҳам, дунё жамоатчилигини ҳам ишонтириб бўлмаслигини тажриба кўрсатди. Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати бир тарафдан сиёсий мухолифатга тазйиқ ўтказаётган бўлса, иккинчи томондан, уни расмий таъқиқлашдан чўчиб турибди.

Ҳар ҳолда, шу йил декабр ойига мўлжалланаётган парламент сайлови Ўзбекистон учун сиёсий маҳактош вазифасини ўташи муқаррардир. Бу сайлов ҳукуматнинг ҳокимиятда нақадар узоқ қолиши ёки нақадар тез йиқилишини белгилайдиган сайлов бўлади. Ҳукумат демократик сайлов ўтказишга жасорат қилса, унинг яшаш эҳтимоли, шубҳасиз, юксалади, акс ҳолда, унинг дунё иқтисодидан изолатсияси тезлашаверади, бу ўз навбатида, мавжуд бўҳронни янада чуқурлаштиради, ижтимоий портлашлар юз беради ва ҳукумат йиқилади.


1994. Июн.


ФАРИШТАЛАРНИ УНУТМАНГ


(ёш шоирларга маслаҳат)


“Ҳижрат эркаклар учун вожиб”, дейдилар, аммо, тўғрисии, мен Ўзбекистондан чиқиб кетишни орзу қилмаган эдим.

Турғунлик йилларида чоп этилган китобларимни варақлайман. Аксарий шеърлар айрилиқ, уйқусизлик, видолашув, қўмсаш ҳақида. Аксарий шеърлар ҳеч қачон уйидан чиқмаган одамнинг саёҳати ҳақида, ҳеч қачон йиғламагн одамнинг кўз ёшлари ҳақида ёзган шеърларидир.

Шеър табиатан англанмас бир нарсадир. Эски шеърларимни ўқиётиб, уларни англамайман:


Тобора оқарар бошидаги соч,

Тобора узоқлашар ундан,

Бошини силаган ул меҳрибон қўл.


Тобора узоқлашар,

Узоқ-узоқларда хилпирар

Ўзга бир давлатнинг байроғи каби.

(“Она билан хайрлашув”, 1981)


Бу шеърни мен бугун ёзишим керак эди. Агар у бугун ёзилганда эди, муболаға бўлмас эди. Лекин бу ва бунга ўхшаган матнлар 1981 йилда “муболаға ва тушунарсиз” деб топилган эди ва бу тўғри эди.

Ёки мана бу шеърга қаранг:


Сен ҳам ўша йўлдан кетдинг-а болам,

Қайт, дедим, қайтмадинг, энди кеч, эвоҳ -

Ром этди сени ҳам лаънати оҳанг.

(шеър назарда тутилмоқда - М.С.)

Ром этди юртидан ҳайдалган арвоҳ

(Абдулҳамид Чўлпон назарда тутилади - М.С.)

Ахир, ўша йўлдан кетдинг-ку ахир,

Энди гуллар эмас, тикон босгайсан -

Сен ҳам арвоҳ янглиғ юргайсан фақир,

Ўз тилингни сен ҳам шифтга осгайсан.

Ўшал эски йўлдан кетдинг-а болам,

Қўрқмай тикилдинг-а қоронғи ғорга-

Эвоҳ, бошгинангни урарсан сен ҳам

Арвоҳ бошин урган ўша деворга!..

(“Онамнинг дегани”, 1985)


Бу сатрлар иссиқ уйда, турғунлик салтанатининг меваларини тановул қилиб, ёстиққа ёнбошлаган ҳолда битилгандир.

Улар очиқчасига иддаоли, ўз тақдирини Чўлпон тақдирига ўхшатишдан ҳам қайтмайдиган такаббурона руҳда ёзилгандир. Бундай хаёлпарастликнинг нақадар таҳликали эканлиги 1985 йилда хаёлимга ҳам келмаган эди.

Чунки фаришталар доимо уйғоқдирлар ва доимо сизнинг ёнингиздадир. Буни асло унутмаслик керак.

Сизга бунинг яна бир исботини келтираман:


Ҳеч қачон ўлолмас

Асли ўлик бўлган китоблар.

Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан

Китоб дўконига кирсангиз.

Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,

Ҳидланиши мумкин

Ҳақиқий китобнинг жасади.

Шу сабаб уларни кўммаса бўлмас,

Ёндирмаса бўлмас шу сабаб.


(“Китоблар”, 1978)


Бу шеър ёзилганидан ўн беш йил кейин Ўзбекистонда ўз китобларимнинг ёндирилишини билганимда, бундай уйдирмани асло битмаган бўлардим. 1993 йили Қозоғистонда босилган “Давлат сирлари” китоби бу уйдирманинг қурбони бўлди. Шеърларимнинг мактаб программасидан чиқариб ташланиши, ҳатто таржималарим остига “М.Солиҳ” олиб ташланиб, “С.Мадаминов” қўйилишига ҳам юқоридаги уйдирма сабабдир.

Минг тўққиз юз саксон иккинчи йил биз дард нима эканини билмаган, такаббур ва ўзига ишонган жайдарилар эдик. Биз фожеа эмас, гўзаллик ахтардик дунёдан. Энди ўша саксон иккинчи йилда ёзилган уйдирмани қаранг:


Телефон жирингласа, титраб кетаман,

Эшик тақилласа, сапчиб тушаман-

Хабардан қўрқаман.

Қариндошим келса, қочиб кетаман,

Яширинаман оғайним келса-

Хабардан қўрқаман.

Почта қутиси ёнидан чопиб ўтаман,

Қайрилиб қарайман, биров чақирса -

Хабардан қўрқаман.

Йўқ, мен бу дунёнинг фожеа тўла

Кўзларига тик қаролмайман.


(“Қўрқоқ одам”)


Мен учун 93-94 йиллар худди шу шеърда тасвирланган воқеалар ичида кечди. Ўзбекистондан келаётган хабарларнинг ҳамаси фожеали ва уларни эшитишдан, ҳақиқатан ҳам зада бўлдим.

Худди шундай бўлишини билгандай, худди шу саксон иккида яна шу сатрларни уйдиришга тўғри келган экан:


Менга уйқу бермас жасоратнинг кўзи.

Нега жисман, қўлинг озод бўлиб. Оёғинг соғ бўлиб, нега жимсан?” дейди у менга тикилиб.

Бу қўллар боғлиқ бўлиши мумкин эди”, дейди менинг қўлимни кўрсатиб.

Бу оёқларда кишан бўлиши мумкин эди-ку”, дейди у менинг оёқларимга имо қилиб.

Тўғри, -дейман, - сенинг тажрибанг бор, сен боғлиқ қўлларни ҳам кўргансан, кишанли оёқларни ҳам. Лекин мендан нима истайсан, Жасоранинг кўзи!”

Бақирганим кор қилмайди, тепамдан кетмайди, тонггача қадалиб туради Жасоратнинг кўзи.

(“Жасоратнинг кўзи”)


Бу жасоратнинг кўзи мени - юмшоқ ерда ўтириб, ширин емаклар ейишни севадиган бир одамни - тариялай олдими, йўқми, ҳар ҳолда 1993 йилнинг апрелида қўлимга кишан солиб ички ишлар вазирлиги ертўласига туширишганда, мен ўз уйдирмаларимга лойиқ бўлишга қаттиқ ҳаракат қилдим.

Турғунлик йилларида ҳам Ўзбекситонда сензура бор эди. Аммо сензорларнинг кўпчилиги бадиий адабиётни тафтиш қилар экан, уни тушунмганга оларди ёки ҳақиқатан ҳам тушунмас эдилар. Хусусан 70 йиллар шеъриятдаги фикрий юксалишда нафақат шоирларнинг, балки, биз ҳеч қачон севмаган сезорларнинг ҳам ҳиссаси бордир.

Албатта бу жараённи машру (легитим) бир ҳолда давом этишида, сензорлар каби, муҳтарам танқидчиларимизнинг ҳам хизматлари бор. Улар замонавий шеъриятни изоҳлар экан, ҳеч қачон шеърнинг сотсиал моҳиятига тегинмас эдилар, тегинсалар ҳам юзаки тегинар ва, ҳеч нарса бўлмагандай, ўқ илдиз четда қолиб, бошқа нарсалар ҳақида муноқаша этардилар.

Мен бу суҳбатимизда ўз шеърларимнинг таҳлили ваоситасида баъзи нарсаларни англатишни истардим ва буни нокамтарликка йўймангиз. Бу демак, ўзбек шеъриятида энг яхши уста менман дегани эмас. Уста шоирлар Худога шукр, бизда жуда кўп. Фақат одам ўзи ёзган нарсани бошқа бирининг ёзган матнига кўра яхши билади, яъни, мен ўз шеърларимга бир техник қулайлик сифатида ёндошдим.

Гап сензура тўғрисида бўлди, ўша ҳақда битта шеърни ўқинг:


Унинг оғзи

Бир йил муддат билан тикилган эди.

Роппа-роса бир йилдан кейин

Суғуриб олишди

Унинг оғзидаги ипларни.

Ингради,

Қора терга тушди

Битиб қолган оғиз очилар экан.

Шунда у англади ўз сўзларининг

Бу даҳшатли ипга нисбатан

Нақадар оғриқсиз суғурилишини.

(“Муддатдан сўнг”, 1979)


Бу шеър 1979 йилда эмас, 1994 йилда ёзилганда эди, ҳамма тушунган бўлар эди. Чунки, етмиш тўққизинчи йиллари Ўзбекистонда “оғзи тикилган” (таъқиқланган) бирорта тирик шоир йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу қабил шеърларни шеър шайдолари ва мунаққидларимиз тушунмади, чунки, бу шеърлар уйдирма эди.

Мунаққидларимиз бундай шеърларни “бармоқдан сўриб олинган ребус”, дея атар экан, мутлақо ҳақли эдилар.

Иккинчи томондан, бу шеърлар бугун ёзилиши керак эди, чунки бугун Ўзбекистонда энг яхши шоирларимизниг “оғзи тикилгандир”, уларнинг оғзидан ипларни суғуриб олиш муддати ҳамон келгани йўқ.

Валлоҳ, бу уйдирманинг йиллар ўтиб, ҳақиқатга айланашини ўйламагандим. Ва энди ёш шоирларга дарҳол маслаҳат бергим келаяпти: асло уйдирманглар, чунки ёзганингизга фаришта “Омин!” деб юбориши мумкин. Агар уйдирмасликнинг иложини топмасанглар, майли, уйдиринигиз,фақат хайрли нарсалар ҳақида уйдиринг.

Минг тўққиз юз саксон бешинчи йилда “Туркистон” калимаси муомалага кирмаган эди. Бугун нафақат кирди, балки “Туркистон” деган газета ҳам чиқа бошлади. Саксон бешинчи йилда “тинтув”, “сўроқ”, “қамчи”, “занжир” каби сўзларни фақат бадиий китоблардагина ўқирдик, бугун эса, улар биз учун турмушда ишлатиладиган сўзлардир. Бугун ўзбек зиёлиларининг ватанпарварлари сўроқ қилинаяпти, калтакланаяпти, кишанга солинаяпти. Шунга қарамай, улар ўз қўлларидаги занжирларни шалдиратиб, зулм сукунатини бузишдан қўрмаяптилар. Атрофдаги жим-жит дунёни уйғотишга ҳаракат қилаяптилар.


Ҳар сонияда юз бор тинтилган,

Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр -

Сенми, ҳали кўкка интилган,

Сенми қороғуда ахтарган зиё?!


Фаровон ҳаётдан ношукр банда,

Нон эмас, эрк ҳақида куйлаган сенми-

Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда,

Яна ҳамма ҳақида ўйлаган сенми?!


Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,

Сенми, ҳақ жазога ҳалақит берган-

Сенми, нишон олган кўзёш томчисин,

Сенми, ҳали ўша такаббур мерган?!


Сенми ҳамон бўйсунмаган бўйин,

Қақраган лабларнинг ол қаҳри - сенми?

Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,

Ҳеч не кўрмагандай лол даҳрий - сенми?!


Соқчи уйқуда деб умид-ла боққан,

Қочишни кўзлаган сенми пиёда-

Бу оғир занжирни шалдиратмоққа

Журъат этган сенми жим-жит дунёда?!

А-ҳа, сенми?!

(“Туркистон”, 1985)


Энди баъзи шоирларнинг нега шеър ёзмай қўйганини тушунгандирсизлар. Фаришталар атрофида учиб-қўниб юрар экан, шеър уйдириш хатарли маслакдир.

Маслаҳатчи Муҳаммд Солиҳ.


1994 Июл.