Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd Şti Davutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. Türkiye
Вид материала | Документы |
СодержаниеХемингуэй ҳақида Энди На бозор кунлари, на душанбада |
- Разработка состава и технологии спекания дисперсно-упрочнённых композиционных материалов, 481.56kb.
- Kirgizistan-tüRKİye manas üNİversitesi ders biLGİ formu, 430.55kb.
- Kirgizistan-tüRKİye manas üNİversitesi ders biLGİ formu, 100.38kb.
- Kirgizistan-tüRKİye manas üNİversitesi ders biLGİ formu, 132.78kb.
- San Francisco, California, 7375.36kb.
- Название оригинала: Christian Spirituality In The Catholic Tradition. Jordan Aumann,, 3120.69kb.
- Признаки корреляционного типа в системе распознавания текстурных изображений, 28.43kb.
- Kirgizistan-tüRKİye manas üNİversitesi ders biLGİ formu, 117.73kb.
- Автор: viki-san, 3147.84kb.
- Програма імені Фулбрайта в Україні San Jose State University, США, 190.19kb.
Хемингуэй ҳақида
I. мутолаа
(Эрнест Хемингуэйнинг туғилганига 80 йил тўлиши муносабати билан)
Америкалик ёзувчи Синклер Люис 1930 йил Нобел мукофотига сазовор бўлганида, Шветсия академияси минбаридан ўз халқи адабиётининг келажаги ҳақида умид билан сўзлаган, ёш ёзувчилар қаторида Эрнест Миллер Хемингуэй номини ҳам фахр билан тилга олган эди.
Ўша пайтда Хемингуэй ўттиз бир ёшда бўлиб, атиги ҳикоялар тўплами ва “Қуёш чиқар...” романини нашр эттирган, лекин Канада газетасининг мухбири сифатида Оврупо бўйлаб кўп сафар қилган, сиёсий воқеаларни теран таҳлил эта оладиган киши, Италия фронтининг ёш ветерани, 1922 йилги Туркия-Гретсия урушининг гувоҳи эди.
“Қуёш чиқар ...” романи муаллифининг ноширга ёзган хати мазмунида, биз ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган одамни кўрамиз: “Мен шу заминни севаман, унинг мафтуниман, аммо ўз авлодимни ҳам, унинг майда мақсадларини ҳам бир чақага олмайман... Бу китоб қуруқ ва аччиқ сатира бўлиб қолмаслиги керак, у шундай бир фожиа бўлсинки, токи асар ниҳоясида Замин мангу қаҳрамонга айлансин”.
Роман урушнинг тирик қурбонлари - фронтдан қайтиб, ҳаётини ичкилик, айш-ишратга сарф қилишга маҳкум одамлар - “маҳв бўлган авлод” вакиллари ҳақида. Улар ажойиб одамлар эди. Уларни уруш маҳв этди. Тасаввурга муҳрланган даҳшатли манзараларни улар шароб билан ювмоқчи, ишрат билан сидириб ташламоқчи бўладилар. Лекин ёзувчи бу урунишларнинг беҳудалигини, урушни унга қарши фаол курашиш билангина енгиш кераклиги таъкидлайди.
Уруш мавзуи Хемингуэй ижодининг барча босқичларида муҳим ўрин тутади. Унинг 1929 йилда нашр қилинган “Алвидо, қурол!”, испан республикачиларига бағишланган “Бонг кимни йўқлайди?”, вафотидан кейин эълон қилинган “Океандаги ороллар” китобларида ҳам уруш мавзуи қаламга олинган.
Ўз умри давомида у кўп урушларни кўрди ва ана шу ҳаётни тасвирлади.
Бир вақтлар Хемингуэй ўзи ҳақида ёзилган китобдан норози бўлиб, унинг муаллифи - адабиётшунос Филипп Янг ва асарни қабул қилган нашриётни судга бермоқчи бўлган, улардан “шахси ҳаётига аралашмаслик”ни талаб этган эди. Лекин муаллифнинг тинимсиз илтимослари тинкасига теккани учун, талабидан воз кечди.
Ваҳоланки, “шахси ҳаётига аралашмаслик”ни ёзувчи фақат ўзгалардан талаб қиларди, ўзидан эмас. Ўз ҳаётига эса, унинг ўзидан кўпроқ аралашган, тафтиш қилган, тинимсиз тафтиш қилган бошқа бир кимса бўлмаган.
У дунё ишларига ўз ҳаёти орқали аралашади, дунёни ўзига хос буюк бир инсоний муҳаббат билан севди. У олтмиш икки йил умрини “кун-бакун тўқиди”, бу ажойиб кашта ниҳоясига етмай, воқеаларнинг дафъатанлиги ва тақдирнинг фавқулодда маккорлиги туфайли узилиб қолиши ҳеч гап эмас эди.
Ҳақиқий ёзувчининг ўнг-сўлга қараб, эҳтиёт бўлиб қадам босишига фурсати бўлмайди. У ўз вазифасини адо этади-ю, дунёдан ўтади. Агар сиз оддий истеъдод эгаси бўлсангиз, узоқроқ яшашингиз керак, нега-ки, тузукроқ бирор нарса ёзиш учун вақт даркор. Қобилиятсиз ёзувчилар эса, абадий яшамаса бўлмайди.
Бу кинояли сўзлар 1918 йил Италия-Австрия фронти қирғинларидан омон чиққан, 1937 йилги Мадрид жангларидан кейин, 1954 йилда юз берган ҳаво ҳалокатида ҳам тирик қолган ва 1961 йил июл ойининг сокин тонгларидан бирида ўзини отиб қўйган ёзувчининг фикрларидир.
Хемингуэйнинг ҳаёти унинг романларида акс этгани ҳақида жуда кўп гапирадилар. Ёзувчини шахсан билганлар у ҳақда ўнлаб эсдалик китоблар нашр эттирадилар, билмаганлар эса, ундан ҳам кўп ёздилар. Хемингуэй ҳикояларини ўқиган китобхон унинг янги романини ахтарадиган бўлди, ўқимаганлар ёзувчининг Африками ёки бирор оролда тушган суратини уйларига осиб қўйишга одатландилар.
Хемингуэй - машҳур. Хемингуэй - идеал.
Бу - китобхонлар орасидагина эмас, ёзувчилар муҳитида ҳам такрорланди.
Намунага ўч ёшлар “Алвидо қурол!” ва “Климанжаро қорлари”нинг ҳар бир сатрини ютоқиб ўқидилар, янги наср нафасини сезиб, ўзлари билган ва билмаган ҳолда, тақлид қила бошладилар. Лекин Хемингуэйга ўхшашдан кўра, ўхшашга интилиш ҳисси кучли бўлганиданми, уларнинг кўпчилиги йўқолиб кетди, аксарияти эса, ўз вақтида бундан воз кечиб, тўғри қилдилар.
“Хемингуэй тирик бўлганида, танқидчиларига мана бундай маслаҳат берар эди”, деб фол очиб ўтирмайлик.Чунки, у маслаҳат беришни ёмон кўрарди.
Ниҳоят, Хемингуэй мухлислари ва танқидчилари ўртасидаги шов-шувлар анча босилгандек бўлди. Энди ашаддий китобхон ҳам ўзи бир пайтлар сиғинган бу ёзувчининг “янги” асарини ўқиб, дўстиникига суюнчилаб бормайди. Ҳамон китоб ўқишга вақт тополмай юрган, улуғ шахслар портретининг мухлиси, ўз навбатида , бошқа бир ёзувчининг суратини топиб олади. Чунончи, колумбиялик адиб Габриэл Гарсиа Маркеснинг журналистлар билан тушган суратини.
Бу ҳол машҳур франсуз шоири Апполинернинг маъюс бир шеърини эсга солади:
Қирғоқда
Сокин чайқалади бўм-бўш қайиқлар.
Энди
На бозор кунлари, на душанбада
На бирорта рассом
Ва на Мопассан
Кўкракдор бефаҳм хонимчаларни
Айлантириб юрар бу қайиқларда…
О, бўм-бўш қайиқлар,
Юрагим орзиқиб кетади менинг
Сокин чайқалсангиз агар
Қирғоқда.
Бизнинг ҳам юрагимиз орзиқади, Эрнест! Лекин ҳувиллаб қолган қайиқларни кўриб эмас, китобхонларингиз камайиб қолгани учун, сизга ачинганимиздан ҳам эмас - кўз олдимизда ажойиб ёзувчининг янги тақдири қайта туғилаётганидан. Номига “кўз югуртиришлар”, номига ўқишлар тугаб, чинакам Мутолаа бошланаётганидан.
Бу урушнинг дастлабки ва кейинги кунларига ўхшамайдими? Бир неча ҳужум ва мудофаалардан сўнг жангчиларнинг сараси саракка, пучаги пучакка ажралади. Сизнинг таъбирингиз билан айтсак, “ботирлар ботирлигича қолади, романтиклар ҳушёр тортади, қўрқоқлар эса, ярадорлар билан уйга қайтадилар”.
“Алвидо, қурол!” сингари асарлар, ақалли ўз отангизни таниб олишга ёрдам беради. Ахир, оталаримизнинг жуда кўпчилиги урушда қатнашганлар-ку...
- Мен ёшлигимда театрни жуда сеевардим, аммо урушдан қайтганимдан сўнг узоқ вақт саҳнани кўришга юрагим бетламади, - деб қолди ўша “маҳв бўлган авлод” вакилларидан бири.
У ёғини айтмади.
Мен ҳам бу суҳбатга муносиб тингловчи бўлиш истагиданми, сабабини суриштирмадим.
Суҳбатдошнинг, ақалли, уруш иштирокчиси ёки испан республикачиларининг мададкори - интербригада аъзоси бўлса, сен унга ортиқча савол бериб ўтирмайсан.
Сўзларини охиригача етказмай, кутилмаганда тўхтаб қолади. Узилган жумлани сўз билан эмас - мулойим, ҳомий табассум билан хотималайди.
“Сўрaма, - дейди улар гўё, - суриштирма. Бари бир тушунмайсан. Тушунганингда ҳам айтмасдим. Ҳеч қачон. Фақат шу ҳаётни қадрлай олсанг, бас. Бунинг учун урушга бориб, ўн марта ярадор бўлиш шарт эмас. Бунинг учун инсонга меҳр бўлса, бас. Тасаввуримда эса, жаҳондаги кучлар аллақачон иккига бўлинган. Бу - уруш ва тинчлик. Қолганлари шунинг атрофидаги мулоҳазалар...
- Сени тушунаман. Албатта, фронтда олинган суратларга қараш завқли. Аммо белидаги камар тўқасини ялтиратиб, автоматни бўйнига осганча объективга боқиш, боққанда ҳам тик боқиш учун бу ёш аскар жуда кўп қуролдош дўстларидан жудо бўлган, ўзи эса, ажалга минг бор чап берган.
Ажал таҳдид солиб турганда олинган суратда акс этган ҳаёт икки бор гўзалроқ кўринади.
Шу сабабдан ҳам бундай суратларга қараш завқли.
Лекин оналаримизга сурат эмас, ўзимиз керакмиз. Ҳайкал эмас, мангу оловлар эмас, тириклигимиз ардоқли.
Бу орден, медаллар қайси хизматлар учун берилганини сўрамоқчисан, шекилли? Яхшиси, сўрама. Жангчига қайси хизмати учун орден берадилар? Ўлгани учунми? Ўлдиргани учунми? Билиб қўй, ҳеч ким, ҳеч қачон “фалончи одамни йўқ қилдим ”, деб мақтанолмайди.
Бурч - бошқа гап. Бурч - бизнинг кичик бебахтлигимиздан улуғроқдир.
Биз урушга қаҳрамон бўлиш учун борган эмасмиз. Биз душманни яксон қилишимиз кераклигини, ўзимиз ҳалок бўлишимиз мумкинлигини билардик...Балки уруш дегани баъзиларга ғоя шаклида кўринар. Уруш - биологик ҳодиса, деб жар солаётганлар озми? Лекин одам қуруқ ғоя эмас.Фронт саҳна эмас, унда ёғоч пичоқлар бўлмайди... ”
Мен бу маънони китобдан эмас, қаршимда ўтирган камгап одам табассумидан, нигоҳидан уқдим. Хемингуэй қаҳрамонларининг айтмаган сўзлари менга яна шундай эшитилади.
Қирқ бешинчи йил Элбада учрашган ўзбек ва америкалик жангчининг бир-биридан ҳеч фарқи йўқ. Улар бир-бирига эгизакдек ўхшаш, улардан бири Шарқдан, иккинчиси Ғарбдан шу дарё бўйигача оғир, узоқ йўлни босиб ўтди. Бу масофа уларнинг қиёфасига шиддатвор сайқал беради.Мабодо, улар бугун учрашгудек бўлсалар, бир-бирларини сўзсиз, имо-ишорасиз тушунадилар. Бир-бирларига меҳр билан, аммо ғоят вазмин тикилардилар.
“Алвидо, қурол!”
Бу китобни ўқиётиб, нимадир ҳалал бераётганини сезасан. Уни бемалол ўқиш қийин. Ундан олган лаззат ҳам қандайдир аччиқ, одамни маст қилувчи бир гиёҳ хуруж бўлгандек... Ўқиётиб, руҳингда тонг шафағи янглиғ сирли ранглар пайдо бўлаётганини сезасан...
Шунга қарамай, ўша мутолаа давомида ўша “нимадир” сенга ҳалал бериб тураверади. Буни дастлаб, романнинг услубига йўясан, яна бир неча варақни шу тариқа паришонликда ўқийсан, кейин - фавқулодда сатрлар замирида яшириниб, сени кузатаётган вазмин нигоҳга дуч келасан. Шундан сўнг китобни ўқиб тугаллагунча, ўша таъқибдан қочиб қутула олмайсан.
Ҳатто турмуш икир-чикирларига ўралашиб қолган пайтингда ҳам бу нигоҳ сени ҳоли қўймайди, ишга шунғиб кетиб, унутганингда ҳам шуурингда милтиллаб тураверади.
Энди қутулдим, деб юрганингда, бир куни кўчадами, трамвайдами, яна дуч келасан.Бу нигоҳ эгалари кўкракларига нишон тақиб юрмайдилар.Уларни қарашларидан танийсан. Бу қараш қанчалик вазмин бўлмасин, бу меҳр қанчалик шафқатсиз бўмасин, унга дош бериш керак.
Улар қурол билан аллақачон видолашган бўлсалар-да, милтиқ қайишининг ўрни ҳамон елкаларини ачиштириб туради.
1937 йили Америка ёзувчиларининг Иккинчи Конгрессида Эрнест Хемингуэй минбардан шундай деган эди:
“... Мен яхши ва ҳаққоний асарлар ёзиш нақадар қийинлигини, мабодо, улар ёзилгудек бўлса, муаллифни, шубҳасиз, шунга лойиқ мукофот кутиб турганини айтган эдим. Лекин уруш даврида - биз уруш даврида яшамоқдамиз - истасак-истамасак, мукофотлар муддати сал чўзилади... Уруш ҳақида бор гапни ёзиш қалтис... Ҳақиқат излаб Испанияга жўнаган бирорта ҳам америкалик ёзувчини билмайман. Бироқ, Линколн номидаги баталён жангчиларнинг кўпини биламан. Аммо улар ёзувчи эмас. Улар мактуб ёзардилар, холос..
Испанияга жуда кўп инглиз, жуда кўп немис ва голландлар бордилар. Одам ҳақиқат излаб фронтга бораркан, ҳақиқат ўрнида ўлимга дуч келиши эҳтимоли бор. Лекин фронтга ўн киши кетиб, иккитаси омон қайтса, улар олиб келган ҳақиқат - биз тарих деб юрган сохта нарсалардан йироқ - чинакам ҳақиқат бўлади. Бунақа ҳақиқатни , излаб ҳаётни хавф остига қўйиш лозиммикан - бу ёзувчиларнинг ўзига ҳавола”.
Бу нутқ фашизм авжига чиққан замонда, Испанияда - Франко, Олмонияда - Гитлер, Италияда - Муссолини каби шахсларнинг ғайриинсоний ғоялари вабодек тарқаётган пайтда янгради.
Бу нутқ жабрдийда заминимизда ўз бахтини, ўз омадини яна бир карра чиғириқдан ўтказаётган пайтда, ўша замин истиқболи учун муқаррар ўлимга кетаётиб: “Мен қайтаман, кут!” - дея хотинига жилмайган камтарин, жасур одамлар ҳарбий эшелонга чиқаётган ғулғула кунларда янгради.
Бу нутқ баъзи ёзувчилар: “Илҳом парисига дубулға ярашмайди”, деб қўрқоқ қалбларига таскин бераётган пайтда, баъзилари худди бугунгидай ўзини “халқ отаси” эълон қилиб(Ғ. Ғулом нашриёти директори Хамид Ғулом "халк оталаридан бириман" деганди.Ред), шеърият мажлисларида “шон-шуҳрат минбари”дан сўзлаётганида, эллик ёки олтмиш ёшларини бехатар бурчакларда нишонлаётган бир пайтда янгради.
Бу нутқ ҳозир ҳам янграмоқда.
1979
Прототип суратига чизгилар
(Эрнест Хемингуэй таваллудининг 85 йиллигига)
Ҳақиқий китобхон ўзининг севган китобини ҳеч қачон сотмайди. Буни тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам тушуниш мумкин. Инқилобчи ўз идеалини, аскар ўз қўшинини сотмагани каби, китобхон ўзининг севимли китобларини сотмайди. Чунки, бу китоблар унинг ҳаёти. У яшаган ёки яшаши мумкин бўлган ҳаёти. У бошидан кечирган ёки кечириши эҳтимол бўлган изтироблари.
Яъни китобхон - потенсиал прототипдир.
Чунки унинг кўксида бир хаёлпараст яшайди. Бу хаёлпараст яхшилик ва ёмонлик ўртасида кетаётган жангда ўз кучини синаб кўришга тайёр шахс. У мавҳум, аммо вақтинча мавҳум.
Дон Кихот образи ритсарларга киноя эмас.
Дон Кихот ашаддий китобхон образи. Балки шунинг учун ҳам бу китобни ўқиётган одам Дон Кихот устидан кулмайди, аксинча, унга нисбатан ҳамдардлик, мунис кадар туяди. Дон Кихот - бутун дунё китобхонларига қўйилган буюк, ғамгин ҳайкалдир. Ҳар бир китобхон ўз қаҳрамонини ўзича тасаввур этади ва бу тасаввурни беихтиёр, ботиний равишда, атрофдан - реалиядан қўриқлайди. Сиз мутолаа қилиб ўтирган одамнинг “кайфи”ни бузганмисиз? У китобдан бошини кўтариб, деярли ғазаб билан қарайди. Бу ҳолат бир лаҳза давом этса ҳам, уни кўриб улгуриш мумкин. Китобхон адабиётшунослар қўллайдиган “прототип” сўзини чинакамига ёмон кўради, ўз қаҳрамонини ўзига ўхшамагани учун ҳам, ўзи кўрмаган ғаройиб ҳодисаларни кўргани учун ҳам севади. Иккинчи томондан, ўша қаҳрамоннинг ҳаётда борлиги уни ҳаяжонга солади. Ўз иродасига қарши, у ҳақиқий ҳаётий ҳақиқатни эшитгиси келади. “Балки, чиндан ҳам У ҳаётдир, фақат ёзувчи тўқиган образ эмасдир”, деган хом хаёл китобхоннинг онгида милтиллаб туради. Лекин “прототип” ҳақида ўқиб, ҳафсаласи пир бўлади. Ва яна ўз тасаввуридаги ҳаётга қайтади, ўз қаҳрамонининг ёнига боради. Дон Кихот сингари шамол тегирмонларига қарши урушни, бир зумга тўхтаган мангу урушни давом эттиради...
Лекин биз ҳозир прототип ҳақида гапирмоқчимиз.
Овга чиққан бир машҳур овчининг кўзи шикастланади.
Унинг дўстлари “агар вақтида даволанмасангиз, оқибати ёмон бўлиши мумкин”, - деб уни қўрқитишади. Овчи аввал бунга эътибор бермайди, лекин ўша шикастланиш натижасида қони заҳарланиб, ўлишига сал қолади. Шундан кейин унинг хаёлига ҳар хил нарсалар кела бошлайди.
Овчи ваҳимачи эмасди. Иккита жаҳон урушини кўрган, Испания республикачилари сафида туриб жанг қилган одамни ваҳимачи дейиш қийин. Аммо шу ҳолда катта ёзувчи бўлса, унинг “ваҳимаси”ни изоҳлаш мумкин.
Бу ҳақиқатдан ҳам, ёзувчи, машҳур овчигина эмас, машҳур романлар муаллифи Эрнест Хемингуэй эди.
Эрнест Хемингуэйнинг “Кўрни етакловчи ит керак” деб номланган ҳикоясининг прототипи - овчи Хемингуэй. Қон заҳарланишидан ўлишга сал қолган овчининг хаёлидан кечган “ҳар хил нарсалар” бу ҳикоянинг негизини ташкил этади. Овчи ҳаёт, иккала кўзи ҳам соғ, лекин ҳикоя қаҳрамони Филипп яқинда кўр бўлиб қолган:
“Биласанми, - деди у, - бу ерга келганимиз яхши бўлди. Мен бу ерда нима деган бўлсам, ҳаммасини эслайман... Бу янги сўз, аммо биз уни ўчирамиз... Бизнинг яхши магнитофонимиз бор ва мен аввалгидан ҳам яхшироқ ёзаман. Агар одам шошилмаса, ҳақиқий сўзларни топиши мумкин. Мен сўзларни айтаётганда, уларни шундоқ кўриб тураман... ”.
Филипп ёзувчи. У ҳам мерган Хемингуэйга ўхшаб, бир пайтлар шер овига борган. Лекин китобхон учун - биз учун Филиппнинг тақдири қизиқроқ. Биз кўзи ожиз ёзувчининг ички драмаси билан яшаймиз. Аммо бу фожеага қанча чуқур кирганимиз сари, кутилмаганда, ўзимиз “истамаган томон”га қараб кетаётганимизни сезамиз: кўлами кенгайиб бораётган руҳий оламга - айнан прототипнинг руҳий дунёсига йўл оламиз. Ўзимиз сезмаган ҳолда ёзувчи Хемингуэйнинг қисмати ҳақида ўйлай бошлаймиз.
Хемингуэй ўзининг “Доимо ёнингда байрам” деб номланган хотиралар китобида ўзининг ёшлиги кечган Парижни эслайди. Ўша пайтда ён дафтарчасига ёзиб қолдирган ёш ёзувчининг (ўзининг) хатлари ёрдамида унинг психологиясини таҳлил этади. Хотиржам бўл, дейди ўз-ўзига ёзувчи. Хотиржам бўл, эртага ҳам индинга ҳам ёза оласан. Фақат эртага давом эттириш учун хамиртуруш қолдирсанг бўлди. Бошлаш эса, унчалик қийин эмас бир сўз, бир самимий сўз топсанг бас, кейин ўзи бошланиб кетади.
Диққат билан қаралса, ёш ёзувчининг вазминлик билан, ўзига ишонч билан ёзган сўзлари замирида ишончнинг тескариси - ўзига шубҳани илғаш мумкин. Бу қоронғида қўрқиб ашула айтаётган боланинг ҳолатига ўхшайди. Хемингуэй кучли шахс. Унинг Италия фронтида кўрсатган мардлигини ҳамма билади. Лекин биз юқорида келтирган ҳолат аскар эмас, ёзувчининг қалбида шаклланган ҳолатдир. Шубҳа - иқтидор ёнида турган иккинчи компонент. Бошқача айтганда, иқтидорнинг сояси: иқтидор қанча катта бўлса, шубҳа ҳам шунчалик баҳайбатдир. “Кўрни етакловчи ит керак” ҳикоясидаги фикр ҳам Хемингуэйнинг “бир кун тўсатдан ёзолмай қолсам, нима бўлади”, деган “ваҳимаси”, уни доим таъқиб этган шубҳа - фано туйғусидир.
Ёзувчининг “ташқи” ҳаётида бу кайфият умуман кўзга ташланмайди. Аксинча, у ҳар хил учрашувларда ўзига ишонган, ҳатто такаббур киши сифатида таассурот қолдиради. Наинки даврларда, ўзининг номи тилган олинган ўз мақолаларида ҳам Хемингуэй иккиланаётган шахс бўлиб кўринмайди: “Африканинг яшил тепаликлари” эссесидан парча келтирамиз:
“- Американинг буюк ёзувчиси ким? - деб сўради Кандидский.
- Менинг эрим, - деди хотиним.
- Бизда буюк ёзувчилар йўқ, - дедим мен (Хемингуэй - М.С.) - яхши ёзувчиларимиз маълум бир ёшга борганда ўзгариб қолишади ... сал бойигандан кейин, улар яхши яшай бошлайдилар ва бу “яхши ҳаёт”ни таъминлаб туриш учун, истаса истамаса, ёзишга мажбур бўлишади, оқибатда ёзганлари макулатурага айланади ...
- Сиз-чи?
- Менинг қизиқадиган нарсам кўп. Мен ўз ҳаётимдан мамнунман. Лекин менга ёзиш зарур, агар ҳар куни “маълум қатор ёзмасам, ҳаёт мен учун ўз гўзаллигини йўқотади” .
Бу ерда ёзувчи алдаётгани йўқ. Бу сўзларга унинг ўзи ҳам қаттиқ ишонади. Бу ишончни қамчилаб турадиган нарса... Яна ўша шифобахш, лекин азобли шубҳадир.
Хемингуэйнинг ваҳимаси аввало жисмоний эмас, руҳий ўлим билан боғлиқ. Бу ердаги ишларни бажаролмай кетишдан қўрққан одамнинг изтироби. Ва ниҳоят, жисмоний ўлимнинг нақадар шафқатсизлиги, унинг кутиб турмаслигини чуқур англаган ёзувчи қарашидир.
Хемингуэй ўзини қийнаган бу ҳисни “Климанжаро қорлари” ҳикоясида яна ҳам кенгроқ кўрсатади: Ёзувчи Гарри (яна “ёзувчи” Африка чангалзорларида ов пайтида, - яна “ов”) оёғини шикастлантиради. Арзимас яра кутилмаганда гангренага айланади. Ҳикоя ана шу ўлимни кутиб ётган одам психологиясининг тасвирига қурилган. Гарри дарахт соясида ётиб, жуда кўп воқеаларни эслайди ва бу воқеаларни энди ҳеч қачон ёзолмаслигини ўйлайди, ғазабланади, гуноҳсиз хотинига заҳрини сочади. Виждон азоби ўлим олдидаги қўрқувдан ҳам устун келади.
Бу ҳикоянинг биринчи қатлами.
Иккинчи қатламдаги фикр ҳар қандай катта ёзувчини ўйлантирадиган, мушоҳадага чорлайдиган фалсафий жумбоқ - жисмоний ўлим ҳақида. Виждон азоби ортида, хотиралар пардаси фонида ўша жумбоқ, ўша тугун ечила боради. Ҳикоя бошида ўлим Гаррининг тепасида айланиб юрган қушлар тимсолида кўринади. Ҳикоя ўртасида у қиёфасини ўзгартириб, Гарри ва унинг хотини ётган чодир атрофида сиртлон бўлиб увиллайди. Ҳикоя сўнгида шаклсиз, аммо нафас олиб турган, кўзга кўринмас махлуқ сифатида пайдо бўлади.
“Климанжаро қорлари”даги ўлим тасвири одамда ҳаётга кучли муҳаббат уйғотади. Ҳаётни кечикиб соғина бошлаган Гаррининг пушаймон тўла соғинчи китобхонни ларзага солади. Гарри ўлаётиб, қайта туғилади. У орзу қилган мукаммаллик чўққиси унинг хаёлида Климанжаро бўлиб гавдаланади. Ҳикоянинг эпиграфини келтирамиз:
“Климанжаро - баландлиги 19.710 фут, ҳамиша қор остида ётадиган тоғ тизмаси бўлиб, айтишларича, Африканинг баланд жойи ҳисобланаркан... Ғарбий қоянинг энг тепасида совуқда музлаб қолган қоплон ётибди. Бу баландликка қоплон нега чиққанлигини ҳеч ким тушунтириб беролмайди”.
Ёзувчи Гарри жони узилар, сўнгги ўзи минган учоқ Климанжаро қорлари томон, қоплон ётган чўққи тарафга бурилганини яққол кўради. Аслида, бу туш эди. Гаррининг сўнгги алаҳсираши эди.
Ҳикоянинг эстетик қудрати ҳикоя муаллифи юрагида тебраниб турган ўша шубҳа кучи билан баравардир. “Кўрни етакловчи ит керак” асаридаги некбинлик ҳам кўзи шикастланган овчи Хемингуэй “ваҳимаси”нинг давоми, холос.
Хемингуэй ўз ҳаётида катта қувончли воқеалар гувоҳи бўлди. Шунингдек, у катта фожеаларни ҳам бошидан кечирди. Испан республикачиларининг мағлубиятини у ўз мағлубияти сифатида қабул этди ва руҳида яна нимадир чатнаганини сезди. “Думбадор генерал (Франко - Хемингуэй ибораси)лар билан курашиш учун яккалик қилаётганини англади. “Алвидо, қурол” романи, ҳикоялари билан дунёга танилиб улгурган, ҳаётга тик қарай бошлаган ёзувчи қалбида яна ўша шубҳа, бу сафар унинг ижтимоий тушунчасини қамраган ҳолда пайдо бўлади. Унинг сўнгги романи “Дарё ортидаги дарахтлар соясида” энг тушкун асарларидан биридир. Бош қаҳрамон Кантуэлл фашист Франкога қарши курашган жангчи, роман финалида ўзини отиб ташлайди.
Полковник Кантуэллниинг отган ўқи - Хемингуэй ўзига отган ўқ эди. Аммо ҳайрият-ки, ўқ ҳавода узоқ учди. Бу ўқ учар экан, Хемингуэй ўзининг энг яхши асарларидан бири - “Чол ва денгиз”ни ёзиб тугатди. Бу қисса унинг одамларга қолдирган сўнгги, ажойиб мероси бўлди. Кейин ёзган асарлари “Чол ва денгиз” даражасига кўтарилолмади.
“Мен бу шимолий америкаликнинг (Хемингуэйнинг - М.С.) кўрсатган барча жасоратларида болалик қилиғини кўраман”, деган эди инқилобчи Эрнесто Че Гевара. Лекин бу қаҳрамонликлар фақат “болалик” эмас эди. Бу - Хемингуэй юрагида муттасил давом этган ўша икки куч - ишонч ва шубҳа курашининг ташқи кўриниши эди. Ёзувчи ўлимдан ҳам руҳан, ҳам жисман устун бўлмоқ учун ўзидаги шубҳани тинимсиз ўлдириб турди.
Шу икки куч ўртасида тўлғониб, умр бўйи юксак идеаллар учун курашган буюк инсон, изтиробли қалб эгаси Эрнест Хемингуэй ўз қаҳрамони полковник Кантуэлл сингари бу дунёни тарк этди ...
Прототип йўқ.
Аммо ёзувчи бор, чунки унинг қаҳрамони Ҳаёт - ҳаётдир.
Демак, китобхон ҳам бор. “Прототип” сўзини ёқтирмайдиган, ўжар, хаёлпараст - китобхон.
1984